Бу йилги номзодлар билан танишинг
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ГУЛНОЗ НАБИЕВА
1981 йил 4 июнда Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган. Самарқанд давлат чет тиллар институтининг олмон филологияси факультетини (2002), кейин эса шу факультетнинг магистратурасини (2004) тамомлаган. Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонасида ишлаган. Айни дамда мустақил таржимон сифатида фаолият юритади.
Таржима қилган асарлари:
Олмон тилидан:
1. Илия Трожанов (Германия) – “Оламлар соҳиби” (роман);
2. Жианна Молинари (Швейцария) – “Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин” (роман);
Инглиз тилидан:
3. Уиллиам Голдинг (Буюк Британия) – “Ворислар” (роман)
4. Уиллиам Голдинг (Буюк Британия) – “Пашшалар ҳукмдори” (роман).
Шунингдек, олмон шоирлари Ян Вагнер, Даниела Зеэл, Моника Ринк, Паул Селан, Нико Блойтке ва Аня Кампманн шеърларини ўзбек тилига ўгирган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига швейцариялик ёзувчи Жианна Молинарининг “Бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин” романининг таржимасини тақдим этди. Китоб 2021 йилда “Академнашр” нашриёти томонидан чоп этилган.
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
РУСТАМ ЖАББОРОВ
1979 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган (2003).
Ҳозирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби лавозимида ишламоқда. 2021 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD, 2020, СамДУ).
“Виждон”, “Сирли олам синоатлари”, “Хиёнат чорраҳаси”, “Ойнинг ўн беши”, “Қирқ биринчи тугун”, “Бир тану икки жон” сингари насрий китоблари чоп этилган, унинг сценарийлари асосида 6 та бадиий, 2 та ҳужжатли, 3 та анимацион фильм яратилган.
Таржима қилган асарлари:
1. Ўрхон Камол (Туркия) – “Тубанлик гирдобидаги аёл” (роман);
2. Анар (Озарбойжон) – “Қизил лимузин” (ҳикоялар тўплами);
3. Амина Шенлик ўғли (Туркия) – “Лўли” (роман);
4. Холид Ҳусайний (АҚШ) – “Шамол ортидан югуриб”, “Минг қуёш шуъласи” (романлар);
5. Воқиф Султонли (Озарбайжон) – “Ўлим уйқуси” (қисса);
6. Юнус Ўғуз (Озарбайжон) – “Отабек Элденгиз” (роман);
7. Ворис (Озарбайжон) – “Умидлар интиҳода ўлади”, “Сенга ишонаман” (романлар);
8. Азиза Жаъфарзода (Озарбайжон) – “Боку. 1501” (роман);
9. Ўраз Яғмур (Туркманистон) – “Махтумқулинома” (роман-тадқиқот);
10. Александр Грибоевдов (Россия) – “Ақллилик балоси” (пьеса),
Шунингдек, Ги де Мопассан, Редьярд Киплинг, Артур Конан Дойл, Агата Кристи, Габриэль Гарсиа Маркес, Содиқ Ҳидоят, Азиз Несин, Кнут Хамсун, Иван Бунин, Дорис Лессинг, Анте Томич, Ог Магдино, Даниела Стил сингари дунё адабиёти намояндалари ҳикояларини, 100 га яқин хорижий фильмларни ўзбек тилига ўгирган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига турк адиби Окай Тиряки ўғлининг “Мавлоно” романи таржимасини тақдим этди. Китоб 2024 йилда “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан чоп этилган.
“ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ШЕРМУРОД СУБҲОН
1966 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1992). 1992–1996 йилларда, дастлаб, Туркиянинг Эдирна шаҳри Тракия университети қошидаги TÖMER – турк тилини ўргатиш марказида, сўнгра Истанбул университети адабиёт факультети магистратурасида таҳсил олган. Ҳозирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Хорижий тиллар кафедрасида турк тили ўқитувчиси вазифасида ишламоқда.
2016 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Ўзбек модерн шеърияти” баёзи (ҳаммуаллифликда), “Шеърият иқлими”, “Сокин сўз суврати” номли тўпламлари чоп этилган.
Таржима қилган асарлари:
1. Бурҳон Шараф (Татаристон) – “Бухоро мактублари” (хотира қайдлари тўплами), татар тилидан таржима;
2. Элужа Отали (Озарбайжон) – “Ўзинг кел” (ҳикоялар тўплами), озарбайжон тилидан таржима;
3. Меҳмет Ўндер (Туркия) – “Мавлоно” (роман), турк тилидан таржима;
4. Ҳайреттин Ивгин (Туркия) – “Манас” (роман), турк тилидан таржима;
5. “Сукунатнинг сассиз садоси” (турк ва япон шеърияти вакиллари шеърларидан иборат тўплам).
Шунингдек, 2022 йилда чоп этилган «Туркий адабиёт дурдоналари» 100 жилдлигининг 53-жилди – турк шоирлари Сазоий Қорақўч ҳамда Жўшқин Қорабулут шеърий тўпламларини ўзбек тилига таржима қилиб, нашрга тайёрлаган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига ўзбек шоираси Хосият Рустамованинг “İki Güneş” (“Икки қуёш”) тўпламининг турк тилига таржимасини тақдим қилди. Китоб 2020 йилда Туркиянинг Анқара шаҳри “Günce” нашриётида чоп этилган.
“ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
АСАДУЛЛОҲ ИСМОИЛЗОДА
1970 йил 7 июнда Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Чорбоғ қишлоғида туғилган.
Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини сиртдан тамомлаган (1992). Шунинг баробарида Сариосиё туманида мактабда ўқитувчи, туман газетасида мухбир, бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида ишлаган. 2000 йилдан бошлаб меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятида давом эттирган. 2019 йилдан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ҳозирги кунда “Дурдонаи Шарқ” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими қошидаги тожик адабиёти бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқда.
«Атри ваҳдат» («Ягоналик гулоби»), «Намозгоҳи хуршед» («Қуёш жойнамози»), «Осиёи қисмат» («Тақдир тегирмони»), «Ашки ошиқ» («Ошиқнинг кўз ёши»), «Гулбўсаи ишқ» («Ишқ гулбўсаси»), “Баҳори мактаб” (“Мактаб баҳори”) каби шеърий тўпламлар муаллифи.
Таржима қилган асарлари:
1. “Дарахти дўсти” (“Дўстлик дарахти”) – ўн уч нафар ўзбек шоири шеърларининг таржимасидан иборат тўплам;
2. Эркин Воҳидов. “Донишқишлоқ ҳангомалари” (туркум) – ўзбек тилидан тожикчага таржима.
Шунингдек, Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонининг 300 дан ортиқ байтини тожик тилига таржима қилиб собиқ шўролар давридаги Жонибек Қувноқ таржимасини таҳрир этиб, наът ва муножотларини ўзбек тилига ўгириб, чоп эттирган. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Сирожиддин Сайид, Нодир Жонузоқ, Ботир Эргаш, Хосият Бобомуродова ва бошқа ўндан ортиқ шоирларнинг шеърларини тожик тилига таржима қилган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Донишқишлоқ ҳангомалари” шеърий туркумининг тожик тилига таржимасини тақдим қилди. Китоб 2021 йилда “Турон нашр” нашриётида чоп қилинган.
“ЎЗБЕК НАСРИДАН ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРГА ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ДИЛДОРА ИСМОИЛОВА
1985 йил 17 октябрда Тошкент вилояти, Тошкент тумани, “Саноат” маҳалласида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик университетининг филология факультетини тамомлаган (2008). Илк таржима асарлари 2020-йилдан бошлаб нашр этила бошланган.
Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонасида таржимон бўлиб ишлаб келмоқда. Таржимон, мустақил илмий тадқиқотчи, бир неча илмий мақолалар ва хитой тилида нашр этилган ўнга яқин ҳикоялар муаллифи.
Таржима қилган асарлари:
1. Ўткир Ҳошимов. “Урушнинг сўнгги қурбони” (ҳикоя), хитой тилига таржима;
2. Ўткир Ҳошимов. “Нур борки, соя бор” (роман), хитой тилига таржима;
3. Анъанавий Хитой тиббиёти хазинаси: Анъанавий Хитой тиббиётида кенг қўлланиладиган ташқи даволаш усуллари учун амалий меъёрлари номли тиббий қўлланма (хитой тилидан ўзбек тилига таржима).
4. Хитойнинг турли мамлакатлар давлат арбоблари, хорижий элчихоналар, консулликлар ва халқаро ташкилотларга бағишланган босма нашри – LOOKWE нинг 2025 йил, май ойидаги Ўзбекистонга бағишланган сони (хитой тилига таржима).
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига Ўзбэкистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Нур борки, соя бор” романининг таржимасини тақдим этди. Китоб 2024 йилда “Silk Road Publishing” нашриёти томонидан чоп этилган.
“ЎЗБЕК НАСРИДАН ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРГА ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
САИД МАҲМУД САИД МУБАШИР
1973 йили Афғонистоннинг Мозори Шариф вилоятида туғилган, этник ўзбек, Афғонистон фуқароси. 1979 йили оиласи билан Саудия Арабистонига кўчиб ўтган ва араб мактабларида таълим олган, 1993 йили Абҳо шаҳридаги “Ал-Фаҳд” номидаги (ўн икки йиллик) ўрта мактабни тамомлаган.
Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги дипломатик миссиясида (1993–2008) ишлаган. Ҳозирги кунда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида “Араб манбалари асосида Марказий Осиё тарихини тадқиқ этиш” лойиҳасида мутахассис бўлиб фаолият олиб бормоқда.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи араб тилига таржимасини тақдим этди. Китоб Саудия Арабистони Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази томонидан 2024 йили Ар-Риёдда нашр этилган.
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
МУРТАЗО САЙДУМАРОВ
1960 йили Марғилон шаҳрида туғилган. 1984 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Шарқ факультетини тамомлаган. Ҳозирги вақтда Diplomat University Ахборот технологиялари ва хорижий тиллар кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда. Таржималари 1990 йилдан буён чоп этиб келинади. 2021 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Дўстлик” ордени билан тақдирланган (2023).
Таржима қилган асарлари
1. “Танланган ўзбек ҳикоялари” (Қувайт) – ўзбек тилидан арабчага таржима.
2. Хамза Мухаммад Богари “Под сенью святынь» (Москва) – роман, араб тилидан русчага таржима.
3. “Рассказы современных саудовских писателей” (Москва) – Александра Смирнова билан ҳаммуаллифликда араб тилидан русчага таржима.
Араб тилидан ўзбекчага таржималар:
4. Мунир Утайба (Миср) – “Кавказ арслони” (роман);
5. Маҳа ал-Файсал (Саудия Арабистони) – “Тавба ва Сулайё” (роман);
6. Ҳамза Буқарий (Саудия Арабистони) – “Сафо айвони” (роман),
7. Ҳомид Даманҳурий (Саудия Арабистони) – “Қурбонлик қиймати ёхуд муҳаббат ва бурч” (роман);
8. Иброҳим Носир Ҳумайдон (Саудия Арабистони) – “Тун зулматидаги нур” (роман);
9. Хайрия ас-Саққоф (Саудия Арабистони) – “Денгизлар оша олислар сари” (ҳикоялар тўплами);
10. Солиҳ Заманан (Саудия Арабистони) – “Абадият манзиллари” (насрий шеърлар тўплами);
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига араб адибаси Бадрия ал-Бишрнинг “Ал-Аъшо кўчасидаги ишқ қиссалари” романининг таржимасини тақдим этди. Китоб 2025 йил “Янги аср авлоди” НМИУ томонидан чоп этилган.
“ЖАҲОН ШЕЪРИЯТИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
СИРОЖИДДИН РАУФ
1967 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини (1992) ва Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирги ТошДЮУ) тамомлаган (2002).
Меҳнат фаолиятини «Қашқадарё» вилоят газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Ижодкор кейинчалик «Туркистон», «Инсон ва қонун», «Биржа», «Жамият» газеталарида, «Тафаккур», «Ҳаёт ва қонун» журналларида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби вазифаларида хизмат қилган. Ҳозирда «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока» журналлари бош муҳаррири.
Унинг “Йиғлаётган ой”, “Кўк гумбаз”, “Сиз менга кераксиз”, “Ташриф”, “Муаллақ чексизлик”, “Нилий нақшлар”, “Мен бир фуқаро” номли шеърий ҳамда болаларга бағишланган “Ғалати мусобақа” китоблари нашр этилган.
Рус шоирлари Иван Бунин, Евгений Евтушенко, Баир Дугаров, украин адабиёти вакиллари Иван Франко, Леся Украинка, беларус адабиётидан Якуб Колас, Михаил Поздняков ва бошқа қардош халқлар ижодкорлари шеърларини ўзбек тилига ўгирган.
«Шуҳрат» медали билан тақдирланган (2002).
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига украин шоираси Леся Украинка шеърлари, достонлари ва драмалари жамланган “Тонг отмоқда” тўплами билан қатнашмоқда. Китоб 2022 йилда “Адиб” нашриётида чоп этилган.
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИГА
ИЗЗАТ АҲМЕДОВ
1959 йил 25 сентябрда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1987). Таржималари 1988 йилдан бери чоп этиб келинади. 2022 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Тожмаҳалдаги муҳаббат” (2015), “Тоғларга қор ёққанда” (2021) ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. “Буюклар муҳаббати”, “Дунё маликалари”, “Монте-Кристонинг сирли хазинаси”, “Харобадан чиққан машҳурлар”, “Телефон қилган балиқ”, “Уммон остидаги дур” каби илмий-оммабоп тўпламлари нашр қилинган.
Таржима қилган асарлари:
1. Нодар Думбадзе (Грузия) − “Ҳисларимни қўзғама” (ҳикоялар тўплами);
2. Нодар Думбадзе (Грузия) − “Қуёшли тун” (роман):
3. Нодар Думбадзе (Грузия) − “Қўрқманг, онажон” (роман);
4. Агата Кристи (Англия) − “Изқувар Пуаро” (ҳикоялар тўплами);
5. Агата Кристи (Англия) − “Стайлздаги сирли қотиллик” (роман);
6. Агата Кристи (Англия) − “Ситаффорддаги қотиллик” (роман);
7. Агата Кристи (Англия) − “Ўғирланган миллион доллар” (ҳикоялар тўплами).
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига Нодар Думбадзенинг “Қўрқманг, онажон” романи таржимасини тақдим қилди. Китоб Ғафур Ғулом номидаги НМИУ томонидан 2024 йилда чоп қилинган.
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ЖЎРА ФОЗИЛ
1949 йил 5 октябрда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугаллаган (1976). 1992 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Муҳаббатнинг байрамлари” (1991), “Барқут мавсум” (1992), “Бухоройи шариф элчилари” (1996), “Бахт юлдузи” (1997), “Менинг қизил гулим” (1998), “Болаликнинг ёлғиз ёдгори” (2002), “Бухорийнинг қайтиши” (2004), “Айрилиқ остонаси” (2006), “Биз лола термаган баҳор” (2010) “Ошиқ Бухорий қиссалари” (2016) каби китоблари нашр этилган.
“Дўстлик” ордени билан тақдирланган (2019).
Таржима қилган асарлари:
1. Константин Паустовский (Россия) – “Севги” (роман);
2. Виктор Астафьев (Россия) – “Ғамгин саргузашт” (роман);
3. Виктор Астафьев (Россия) – “Мунаввар юлдузлар” (қисса).
Шунингдек, В.Астафьев ва К.Паустовскийнинг ўндан ортиқ ҳикояларини ўзбек тилига ўгирган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига Константин Паустовскийнинг “Севги” романи ва қатор ҳикояларидан тартиб берилган “Денгиздан эсган шабада” китобини тақдим этди. Китоб 2021 йилда “Ўзбекистон” НМИУ томонидан “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлиги лойиҳаси доирасида чоп этилган.
“ЎЗБЕК НАСРИДАН ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРГА ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ШАҲЛО ҚОСИМОВА
1964 йилнинг 19 февралида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент халқ xўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) молия-иқтисод факультетини тамомлаган. Ўзбек адабиётидан рус ва озарбайжон тилларига, озарбайжон адабиётидан рус ва ўзбек тилларига таржима қилади. 2023 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Шунингдек, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги (2016) ва Али Карим номидаги Сумгаит шаҳри Поэзия уйининг (2016) фахрий аъзоси.
Таржима қилган асарлари:
1. Муҳаммад Али (Ўзбекистон) – “Клеопатра” (роман), рус тилига таржима;
2. Аҳмад Жавод (Озарбайжон) – “Мен ҳақиқат садосиман” (шеърий тўплам), озарбайжон тилидан ўзбекчага таржима;
3. Хуршидбону Нотавон (Озарбайжон) – “Хуршидга етар бошим” (шеърий тўплам), озарбайжон тилидан ўзбекчага таржима;
4. Фируз Мустафо (Озарбайжон) – “Денгиз кўчманчилари” (қисса ва ҳикоялар тўплами), озарбайжон тилидан ўзбекчага таржима;
5. Фируз Мустафа (Озарбайжон) – “Белый танец” (ҳикоялар тўплами), озарбайжон тилидан русчага таржима;
6. Хуршид Дўстмуҳаммад (Ўзбекистон) – “Донишманд Сизиф” (роман), ўзбек тилидан русчага таржима;
7. Лайло Алиева (Озарбайжон) – “Дунё тушдек эриб бормоқда” (шеърий тўплам), озарбайжон тилидан ўзбекчага таржима;
8. Ифтихор (Озарбайжон) – “Турон” (драма), озарбайжон тилидан ўзбекчага таржима;
9. Рисолат Ҳайдарова (Ўзбекистон) – “Коля ака” (эссе), ўзбек тилидан русчага таржима.
Шунингдек, 2022 йилда нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлиги 65- ва 71-жилдларининг нашри учун масъул бўлган, ушбу мажмуанинг озарбайжон адабиётига бағишланган жилдларида таржималари билан қатнашган, ўн бешдан ортиқ ўзбек шоири шеърларидан иборат “Ўзбек шеърияти гулчамбари” номли шеърий тўпламини озарбайжон тилига таржимада чоп қилдирган, озарбайжон адабиётшуносларининг ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти тадқиқига бағишланган қатор китобларини ўзбек тилига ўгирган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Клеопатра” романи таржимасини тақдим қилди. Асар 2023 йилда “Звезда Востока” журналининг 3-5-сонларида давомли қилиб чоп этилган.
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
САИДЖАЛОЛ CАИДМУРОДОВ
1990 йил 2 ноябрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини (2012), кейин эса шу факультетнинг “Ноширлик иши ва таҳрир” йўналиши магистратурасини (2016) тамомлаган. Айни дамда “Ёшлик” журналида хизмат қилади.
Таржима қилган асарлари:
1. Эрих Мария Ремарк (Германия) – “Лиссабондаги тун”, “Ортга йўл”, “Зафар дарвозаси” (романлар);
2. Франсуаза Саган (Франция) – “Ассалом, қайғу” (роман);
3. Стивен Кинг (АҚШ) – “Мерган”, “Рита Хейворт ёхуд Шоушенкдан қочиш” (романлар);
4. Ўрхон Камол (Туркия) – “Етмиш иккинчи камера” (қисса ва ҳикоялар тўплами);
Шунингдек, Америка ёзувчилари Жек Лондон, О.Ҳенри, Теодор Драйзер, Жон Стейнбек, Эрнест Хемингуэй, Альберт Мальц, Маржори Киннан Ролингс, инглиз адибаси Элизабет Жолли, Венесуэла ёзувчиси Артуро Услар Пьетри, немис ёзувчиси Патрик Зюскинд, француз ёзувчилари Оноре де Бальзак, Ги де Мопассан, Альфонс Доде, Октав Мирбо, япон ёзувчилари Рюноске Акутагава, Эдогава Рампо, Кобо Абэ, фин ёзувчиси Мартти Ларни, рус ёзувчилари Александр Солженицин, Андрей Платонов, Василий Шукшин, Владимир Набоков, Виктория Токарева, Юрий Казаков, Александр Куприн, Виктор Астафьев, Александр Бестужев, Иван Бунин, Владислав Авдеев асарларини ўзбек тилига ўгирган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига немис ёзувчиси Эрих Мария Ремаркнинг “Зафар дарвозаси” романининг таржимасини тақдим этди. Китоб 2025 йилда “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган.
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ШАРИФЖОН АҲМАД
1969 йил 31 июлда Андижон вилояти Асака туманидаги Бешбола қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган (1992). Хорхе Луис Борхес ижодий мероси тадқиқига доир эсселари жамланган “Бир тушнинг эврилишлари” китоби (2019) чоп этилган. 2022 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Нидерландияда яшаб, ижод қилади.
Таржима қилган асарлари:
1. Андрей Платонов (Россия) – “Жон”, “Хандақ” (қиссалар), рус тилидан таржима;
2. Темур Пўлатов (Россия) – “Қолдир ўлимни доғда” (қисса), рус тилидан таржима;
3. Анни Шмидт, “Мушуклар маликаси Минуш” (қисса), нидерланд тилидан таржима;
4. Жуброн Халил Жуброн (Ливан) – “Ал-Мустафо” (эсселар тўплами), инглиз тилидан таржима.
Шунингдек, Хулио Кортасар ва Хорхе Луис Борхес (Аргентина) ҳикояларини испан тилидан, Гарсиа Маркес (Колумбия) “Ошкора қотиллик солномаси” ва “Полковникка биров мактуб битмас” қиссаларини таржима қилган (испан тилидан).
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига рус адиби Андрей Платоновнинг “Хандақ” қиссаси таржимаси тақдим этилади. Китоб 2024 йилда “Академнашр” нашриётида чоп этилган.
“ЖАҲОН НАСРИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИГА
ВАФО ФАЙЗУЛЛОҲ
1963 йил 27 июлда Навоий вилояти, Кармана туманининг Тоғгузар қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини (1986), Москва шаҳридаги М.Горький номидаги Адабиёт институти қошидаги Олий адабиёт курсини (2011) тамомлаган. “Ҳут” (1993), “Хабарсиз севинч” (1997), “Мангу лаҳза” (2000), “Азалий ғусса” (2013), “Қоядаги дафтар” (2020) каби шеърий; “Чақмоқ ёруғи” (2012), “Куртакда дарахтни кўрмоқ”, “Ҳақ ва ҳақиқат хаёли” (2022) каби адабий-танқидий; “Бурҳон чироқчи” (2024) публицистик тўпламлари чоп этилган. 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 1990 йилдан бери бадиий таржима билан шуғулланади.
Таржима қилган асарлари:
1. Морис Метерлинк (Бельгия) – “Сўқирлар” (драма);
2. Франц Кафка (Чехия) – “Отамга хат” (эссе);
3. Франц Кафка (Чехия) – “Жараён” (роман);
4. Гарсиа Маркес (Колумбия) – “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди” (қисса);
5. Франц Кафка (Чехия) – “Қалъа” (роман).
Шунингдек, Морис Метерлинк (Бельгия), Рюноске Акутагава (Япония), Кнут Ҳамсун (Норвегия), Хорхе Луис Борхес (Аргентина), Чингиз Айтматов (Қирғизистон) ҳикояларини, Ўлжас Сулаймонов (Қозоғистон), Шарль Бодлер, Пол Верлен ва Артьюр Рембо (Франция), Иван Бунин, Николай Гумилёв, Сергей Есенин, Марина Цветаева ва Иосиф Бродский (Россия) шеърларини ўзбек тилига ўгирган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига Франц Кафканинг “Қалъа” романи таржимасини тақдим қилди. Китоб 2023 йилда “Муҳаррир” нашриёти томонидан чоп қилинган.
“ЖАҲОН БОЛАЛАР АДАБИЁТИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ЖАҲОНГИР САНАҚУЛОВ
1984 йил 6 февралда Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида туғилган. Айни дамда Урганч давлат университети таянч докторанти.
Самарқанд давлат чет тиллар институтининг француз филологияси факультетини (2007), кейин магистратурасини тамомлаган (2013). Француз шеъриятидан қилган таржималари талабалик пайтларидаёқ республика нашрларида эълон қилинган.
Таржима қилган асарлари:
1. Тоғай Мурод. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” (роман). Ўзбек тилидан французчага таржима.
2. Люсьен Керен (Франция). “Асрларни ёритган юлдузлар” – Мирзо Улуғбек ҳаёти ҳақида илмий-тарихий ҳикоя. Француз тилидан ўзбекчага таржима.
3. Кетлин Миллер (Франция). “Саҳро гули” (роман). Француз тилидан ўзбекчага таржима.
4. “Nouvelles et legends ouzbèkes” (“Ўзбек ҳикоят ва ривоятлари”). Француз тилидан ўзбекчага таржима.
5. “Амир Темур, Боязид ва христиан қироллари ёзишмалари”.
Шунингдек, француз шеърияти вакиллари Макс Пол Фушэ, Ами Курвуазиэ, Одил Карадэк, Жил Пудловский, Гийом Аполлинер ижодидан намуналарни ўзбек тилига, Атоий, Лутфий ғазаллари, Муҳаммад Юсуф шеърларини француз тилига ўгирган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига “Nouvelles et legends ouzbèkes” (“Ўзбек ҳикоя ва ривоятлари”) китобини тақдим этди. Китоб 2024 йилда “Саҳҳоф” нашриётида чоп этилган.
“ЖАҲОН БОЛАЛАР АДАБИЁТИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
ОЧИЛ ТОҲИР
1955 йил 5 майда Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Кўҳнашаҳар қишлоғида туғилган. 1979 йилда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган.
“Қарз” (1994), “Соғинч соҳили” (1997), “Кўнглим билан суҳбат” (2013), “Шаклсиз олам” (2015), “Вақт ушоқлари” шеърий тўпламлари муаллифи. Болалар учун “Мақтанчоқ мушук” (2016), “Ғолиб хўроз” (2017), “Ҳарфлар жамланмаси” (2017), “Санай туриб адашма” (2019), “Одобли бола” 2020) китоблари нашр этилган. 2020 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Таржима қилган асарлари:
1. Жўлдасбай Нурулла (Қорақалпоғистон) – “Сумалак” (шеърий тўплам);
2. “Қорақалпоқ халқ қўшиқлари” тўплами;
3. Сельма Лагерлёф (Швеция) – “Нильснинг ёввойи ғозлар билан саёҳати” (роман);
Шунингдек, рус адабиётидан Василий Шукшин ва Велимир Хлебников ҳикояларини, Белла Ахмадулина, Осип Мандельштам шеърларини, туркман адабиётидан Нобатқули Режебов, Ўразқули Оннаев, Қадамурат Атоев, Жума Худайгули ҳикояларини аслият тилидан таржима қилган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига швед адибаси Сельма Лагерлёфнинг болалар учун ёзган “Нильснинг ёввойи ғозлар билан саёҳати” эртак-романининг таржимасини тақдим этди. Китоб 2023 йилда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган.
“ЖАҲОН БОЛАЛАР АДАБИЁТИДАН ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
Лола Фаттоева
1974 йил 25 октябрда Бухоро вилояти, Бухоро тумани, “Ипакчи” жамоа хўжалигида туғилган. Бухоро давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1996). Дастлабки таржималари (эртаклар ва ҳикоялар) 2016 йилдан бошлаб болалар нашрларида чоп этила бошланган. Болалар учун “99 саволга 99 жавоб” китоби муаллифи. “Ўзбекистон” нашриётининг Бадиий ва болалар адабиёти тахририяти мудираси сифатида меҳнат қилади. 2024 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Таржима қилган асарлари:
1. Тогава Юкио (Япония) – “Қирол Киба” (роман);
2. Марк Леви (Франция) – “Соя ўғриси” (роман);
3. Ричард Адамс (Британия) – “Тепалик аҳли” (роман).
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига инглиз ёзувчиси Ричард Адамснинг болалар учун ёзган “Тепалик аҳли” эртак-романининг таржимасини тақдим этди. Китоб 2024 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган.
“ЎЗБЕК НАСРИДАН ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРГА ТАРЖИМА” ЙЎНАЛИШИ
Муҳаммад ал-Жибали
1971 йил 13 ноябрда Мисрнинг Танта шаҳрида туғилган.
1994 йилда Айн Шамс университетини «Рус тили ва рус адабиёти» йўналиши бўйича тамомлаган. 2001 йилда Россиянинг Санкт-Петербург давлат университетида филология фанлари номзоди диссертациясини ёқлаган. Луксор университети хорижий тиллар факультети декани, профессор, 2023 йилдан бери Миср Маданият вазирлигининг маданият олий кенгаши таржима шўъбаси аъзоси сифатида фаолият олиб боради.
Таржима қилган асарлари:
1. Юсуф Зейдан (Миср) – «Набатликлар» (роман), араб тилидан русчага таржима;
2. Юсуф Зейдан (Миср) – «Азозил» (роман), П. Гулькин билан ҳаммуалифликда, араб тилидан русчага таржима.
3. Фёдор Достоевский (Россия) – «Қиёфадош» (роман), рус тилидан арабчага таржима;
4. Қосим Жўмарт Тўқаев (Қозоғистон) – «Нур ва соя» (ижтимоий рисола), рус тилидан арабчага таржима;
5. Елена Чижова (Россия) – «Аёллар замони» (роман), рус тилидан арабчага таржима;
Шунингдек, ўнга яқин илмий, ижтимоий ва сиёсий рисолаларни рус тилидан араб тилига ва араб тилидан русчага таржима қилган, сиёсий ва иқтисодий атамалар луғатини яратган, таржима назарияси ва амалиётига доир дарслик ва қўлланмалар ёзган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот танловига атоқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи таржимасини тақдим этди. Китоб 2023 йилда Қоҳирада “Дор ул-маориф” нашриёти томонидан “Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси” номи остида чоп этилган.