Сўз янграйди сатрларда, сатрларнинг орасида…

2025 йил 24-25 май кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Дўрмон баҳори” IV адабий форуми ўтказилди. Форумда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ёш муаллифлар, ижодий семинар қатнашчилари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Рус адабиёти кенгаши ва бадиий таржима кенгаши фаоллари, адабиётшунос олимлар, ёзувчилар, публицистлар ва таржимонлар иштирок этдилар.

Икки кун давом этган форумдан кўзланган мақсад кўп миллатли Ўзбекистоннинг замонавий адабий муҳити ва унинг ўзига хос қиёфасини асраб-авайлаш, ўзбек ва рус адиблари ўртасидаги ижодий мулоқот, ёш ёзувчи ва шоирларни Республика Зомин семинарида иштирок этишга тайёрлаш бўйича фикр алмашиш, нуфузли ва ёш ёзувчилар, шунингдек, таржимонларнинг тажриба алмашишига эришишдир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида қозоқ, тожик ва рус адабиёти бўйича ижодий кенгашлар мавжуд бўлиб, улар атрофида шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар ва драматурглар бирлашиб, ўз она тилларида асарлар яратиб келмоқдалар. Улар Ўзбекистон адабий жараёнида муносиб ўрин эгаллаб, мамлакатимиз маданий-маънавий ҳаётини ўз асарлари билан бойитиб келмоқдалар.

Рус тилида ижод қилган шоир ва ёзувчилар – Зоя Туманова, Явдат Илёсов, Александр Файнберг, Михаил Гар, Раим Фарҳодий мероси мамлакатимиз маънавий бойлигининг ажралмас қисмидир. Ўзбекистонда яшаётган шоир, ёзувчи ва таржимонлар рус тилига таржималари орқали ўзбек адабиётини хорижда тарғиб этишга катта ҳисса қўшдилар. Бугунги кунда Николай Ильин, Евгений Абдуллаев, Бах Ахмедов, Лариса Юсупова, Артём Горохов каби ижодкорлар ўзбек адабиётининг фаол таржимонларидир.

Форум доирасида 24 май куни шоир ва таржимон, “Дўстлик” ордени соҳиби Николай Ильиннинг 75 йиллиги нишонланди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, ёзувчи Артём Горохов, адабиётшунос Рэна Вихрова, шоир Салим Ашур ва бошқалар Николай Ильин ижоди, унинг ўзбек адабиёти тарғиботи йўлидаги фаолияти ҳақида гапирдилар.

Николай Ильин “Первая тетрадь” (“Биринчи дафтар” – 2004 й.), “По клавишам души” (“Дил торлари бўйлаб” – 2005 й.), “На кочевьях времён” (“Вақт манзилларида” – 2006), “Обетованная память” (“Орзудаги хотира” – 2008 й.), “По стопам листопада” (“Хазонрезги изидан” – 2010), “Листва и корни” (“Япроқлар ва илдизлар” – 2015), “Если окно открыто…” (“Агар дераза очиқ бўлса…” – 2017) каби шеърий тўпламлар муаллифи. Унинг қаламига мансуб шеърлар Қозоғистон, Латвия, Германия, Россия, Беларус журнал ва альманахларида чоп этилган.

Шоир Алишер Навоий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Махтумқули ғазал ва рубоийлари, Чўлпон, Усмон Носир, Миртемир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Нодир Жонузоқ, Хосият Рустамова, шунингдек, ўндан зиёд ёш шоирлар шеърларини рус тилига ўгирган. Таржималари “Антология узбекской поэзии” (Москва, 2024) уч жилдлик мажмуасида эълон қилинган, таржималарини шеър муаллифининг ижодига бағишланган адабий мақолалари билан бирга жамлаб, “Пересекающиеся параллели” (2022) китобини чоп эттирган.

Шу куни шоирнинг ўзбек мумтоз адабиётидан қилган таржималари жамланган “Ветви волшебного дерева”, унинг ўзбек тилига ўгирилган асарлари тўпланган “Ҳаёт гўзал бағоят” номли китоби ва Рисолат Ҳайдарованинг Н.Ильин ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Коля ака” эссесининг тақдимоти бўлиб ўтди.

“Дўрмон баҳори” IV адабий форумида, шунингдек, “Ўзбек тилидан русчага таржиманинг ўзига хос томонлари”, “Фарғона шеърият мактаби” мавзусида маъруза, мунозара ва муҳокамалар бўлиб ўтди, “Танқид адабиёт жанри сифатида” давра суҳбати доирасида “Слововиплески” танлови қатнашчиларининг ишлари таҳлил этилди, “Адабиёт ва фан ҳамдўстлиги” номли тадбирда Чирчиқ давлат педагогика университети тадқиқотчи ва магистрантларининг маърузалари тингланди.

Форум давомида қатор ижодкорларнинг китоблари тақдимотлари, ёш қаламкашлар учун маҳорат сабоқлари ўтказилди.

-->